Бекам, менга ҳаммомни қиздир,
Ўзни ўтга тоблайин бу он.
Ҳу, кунжакда чўзилган кўйи
Шубҳаларга келтирай қирон!
Ортда қолди совуқ чангали.
Бас, деганча бўламан лоҳас,
Чап кўксимда шахсга сиғиниш
Замонида чизилган бир кас.
Қиздир ёруғ ҳаммомни, бека,
Нурга ташна кўп кездим кеча.
Қайнок, буғ мен бадбўйнинг балки
Тилимдаги тугунни ечар.
Қанча ишонч, дарахт қулади,
Қанча қайғу, йўл кечдик инграб.
Чап кўксимда ўртоқ Сталин,
Маринканинг рухсори ўнгда.
Эҳ, орзую, эътиқодим деб,
Жаннат кўрдим неча йил ҳурсиз.
Нурафшон бир аҳмоқлигимга
Мен алмашдим умримни - нурсиз!
Қиздир ёруғ ҳаммомни, бека,
Нурга ташна кўп кездим кеча.
Қайноқ буғ мен бадбўйнинг балки
Тилимдаги тугунни ечар.
Ёрдам сўрдим акамдан пича,
Ёдимда субҳ маҳали бирда,
Шунда икки пўрим кўрикчи
Олиб кетди мени Сибирга.
Сўнг карьерда қилиб ёдини,
Кўз ёшланиб, зах еб жисмлар.
Сезсин дебми дил фарёдини
Қалб устига чиздик расмлар.
Қиздир ёруғ ҳаммомни, бека,
Нурга ташна кўп кездим кеча.
Қайноқ буғ мен бадбўйнинг балки
Тилимдаги тугунни ечар.
Эҳ, вайсақи ҳикоят боис,
Буғ фикрни қувар ақлимдан.
Совуқ кечмиш ёдидан қайноқ
Қучоғига чорлайди туман.
Вадном бўлдим ноҳақ, бегуноҳ,
Шу ўй келгач, тутмай отини,
Мен-чи қайин шаббаси билан
Саваладим ўтмиш ёдини.
Қиздир ёруғ ҳаммомни, бека,
Кўникайин нурга бу кеча!
Қайноқ буғ мен бадбўйнинг балки
Тилимдаги тугунни ечар.
Бекам, менга ҳаммомни қиздир,
Ўзни ўтга тоблайин бу он.
Ҳу, кунжакда чўзилган кўйи
Шубҳаларга келтирай қирон!
|