Тилди тонг кўзларни устара янлиғ,
Хўв, келар одамлар кўтарган милтиқ
Етаклаб итларни учта-тўртадан.
Темир ниначи хам дарё ортидан,
Учиб чиқди бизни қиргани кўкдан.
Тишларни яшириб, қапишдик ерга,
Қиш, аёз бўлса хам, ботяпмиз терга.
Қўрқувдан бўрилар титрар хаммаси,
Иш бермайди ҳозир тиши, хамласи,
Воҳ, ана ёғилди ўқлар жаласи.
Толе ёр бўлмаган бўрига ҳеч вақт,
Не учун севамиз ҳаётни тахир.
Шерикларим, аё, бўрилар бебахт,
Ўлим хақ бизларга намунча ахир.
Ёвларга кулайлик бўриларга хос,
Берилмади хали итларга таъзир,
Бўрилармасмиз, деб, мажбурмиз, холос,
Оқ қорга қон билан ёзгани хозир.
Олазарак бўлиб, думларни қисиб,
Эмакладик хар ён, итлардек писиб,
Нима хам қилардик, ширин экан жон,
Шу тонг келди, чоғи, охири замон,
Бу темир ниначи мунча беомон.
Беландик қонга бу қўрғошин дўлдан,
Чиқаришмас, билдик, бу сафар қўлдан,
Қорларни эритди қорнимиз нимтўқ,
Қирғинга Тангрининг сира дахли йўқ,
Ахир, одам ўзи ёғдирмоқда ўқ.
Олишма биз билан итлар галаси,
Халол жангда, зеро, ташлаймиз ғажиб,
Дурустдур бўрингинг озод яшаши,
Қулликда яшамоқ сенларга вожиб.
Ёвларга кулайлик бўриларга хос,
Гап-сўзга не ҳожат, тушмаймиз асир.
Бўрилармасмиз, деб, мажбурмиз, холос,
Оқ қорга қон билан ёзгани хозир.
Шерикларим тезроқ қочинг ўрмонга,
У ерда қийинроқ олмок нишонга,
Кучукларни асранг энг биринчи гал,
Чалғитиб тураман ўқчиларни сал,
Бари-бир мен учун яқиндир ажал.
Ўрмонга қочганлар қолгандур тирик.
Не қилай бир ўзим тиш ила чирик,
Хиралашди кўзим, қолмади дармон,
Қайдасиз бўрилар, эй аҳли ўрмон,
Сариқ кўз аймоғим, бермоқдаман жон.
Тирикман хануз, лек қуршади итлар,
Бизга шу ҳайвонлар қариндош эмиш,
Озодлик сурурин билмас палидлар,
Сарқитлардан бошқа тотмаган емиш.
Ёвларга куляпман бўриларга хос,
Чирик тишимдан ҳам титрашяпти зир.
Бўримасман, деб, ха-а, мажбурман, холос,
Оқ қорга қон билан ёзгани хозир.
|