Чопяпман мажолим борича,
Қочишга лек беркик ҳар томон.
Аранг жон сақловдим мен кеча,
Бугун соғ қолишим даргумон.
Арчалар остида яширин,
Қорасин кўрсатмас овчилар.
Милтиқлар аксирар қўрғошин,
Оқ қорда бўрилар чийиллар.
Борур шикор, борур шикор беаёв,
Овчилар қичқирар, итлар ҳириллар.
Ҳарён қон ва қизил байроқчалар ғов,
Ўлмоқда катта-ю кичик бўрилар.
Рахм йўқ овчида бир томчи,
Тепкини босади ўйламай.
Овчилар хамиша ғирромчи,
Бизда лек илож йўқ ўйнамай.
Бўри ҳеч бузмайди қоида;
Онадан емганда оқ сут илк,
Қолади, шекилли, қонида
Байроқча ортига ўтмаслик.
Борур шикор, борур шикор беаёв,
Овчилар қичқирар, итлар ҳириллар.
Ҳарён қон ва қизил байроқчалар ғов,
Ўлмоқда катта-ю кичик бўрилар.
Чопқирмиз, хам ўткир тишимиз;
Шу қизил латтадан сакрасак,
Жавоб бер, эй тўда-бошимиз,
Бўлар-ку биз жонни сақласак?
Мумкинмас бўрига, вассалом!
Куним хам битганга ўхшайди;
Қотилим оҳиста, демай лом,
Милтиқни тўғрилаб, иршайди.
Борур шикор, борур шикор беаёв,
Овчилар қичқирар, итлар ҳириллар.
Ҳарён қон ва қизил байроқчалар ғов,
Ўлмоқда катта-ю кичик бўрилар.
Енгди лек ҳаётга ташналик,
Байроқча устидан ўттим-да-а!
Хайратдан одамлар қанчалик,
Жириллаб қолдилар ортимда.
Чопяпман мажолим борича,
Чопяпман, билмайман қай томон.
Аранг жон сақловдим мен кеча,
Бугун хам қолибман лек омон!
Борур шикор, борур шикор беаёв,
Овчилар қичқирар, итлар ҳириллар.
Ҳарён қон ва қизил байроқчалар ғов,
Ўлмоқда катта-ю кичик бўрилар.
|